АҚШ Афғонистонда тинч аҳоли ўлдирилганини тан олди

АҚШ ҳарбийлари жорий йилнинг май ойида Афғонистон ғарбида берилган ҳаво зарбаларида тинч аҳоли вакилларидан 26 киши нобуд бўлганини тан олди.

АҚШ ҳарбий комиссиясининг жума куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, бу рақам янада ортиши мумкин.

Афғонистон ҳукумати 4 май куни берилган ҳаво зарбаларида жами бир юз қирққа яқин фуқаро нобуд бўлганини эълон қилган.

Агар ушбу рақам ўз тасдиғини топса, бу Афғонистонда амалиётлар бошланган 2001 йилдан буён тинч аҳоли вакиллари орасида энг кўп талафот кўрилган амалиёт бўлади.

Мазкур ҳаво зарбалари ортидан Кобул ва Вашингтон муносабатлари кескинлашди.