Теҳрон намойишларни бостиришга қарор қилди

Эрон Ислом инқилоби посбонлари Теҳронда ўтказилажак ҳар қандай намойишни куч билан бостириш борасида тахдид қилди.

Инқилоб посбонларининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда намойишчилардан иғвогарчилик ва норозиликларни тўхтатиш талаб қилинди.

Шунингдек, расмийлар агар мухолифатчилар ҳукумат буйруқларини инкор қилиб, Теҳрон кўчаларига чиққудек бўлсалар¸ уларга қарши жиддий чоралар қўллаш тўғрисида ҳам огоҳлантирдилар.

12 июн кунги президентлик сайловида мағлуб бўлгани айтилаётган ислоҳотчи номзод Мир Ҳуссайн Мусавий якшанба куни қилган чиқишида сайлов натижаларига қарши намойишларни давом эттиришга ваъда берди.

Айни пайтда¸ Посбонлар кенгаши сайлов давомида айрим қонунбузарчиликларга йўл қўйилгани бироқ бу ҳаракатлар сайлов натижаларига таъсир кўрсатмаслигини билдирди.