Теҳронда кескинлик сақланиб қолмоқда

Теҳрондан келаётган хабарларга кўра, хавфсизлик кучлари бугун пойтахт марказига тўпланган намойшчиларни тарқатиш мақсадида ҳавога ўқ узиб, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

Бугун эрта тонгда Эрон Ислом инқилоби посбонлари Теҳронда ўтказилажак ҳар қандай намойишни куч билан бостириш борасида таҳдид қилди.

Инқилоб посбонларининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда намойишчилардан иғвогарчилик ва норозиликларни тўхтатиш талаб қилинди.

Шунингдек, расмийлар агар мухолифатчилар ҳукумат буйруқларини инкор қилиб, Теҳрон кўчаларига чиққудек бўлсалар¸ уларга қарши жиддий чоралар қўллаш тўғрисида ҳам огоҳлантирдилар.

12 июн кунги президентлик сайловида мағлуб бўлгани айтилаётган ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавий якшанба куни қилган чиқишида сайлов натижаларига қарши намойишларни давом эттиришга ваъда берди.

Посбонлар кенгаши сайлов давомида айрим қонунбузарчиликларга йўл қўйилгани бироқ бу ҳаракатлар сайлов натижаларига таъсир кўрсатмаслигини билдирди.

Айни пайтда¸ Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги давом этаётган зўравонликлар туфайли Теҳрондаги элчихона ходимлари оила аъзоларини зудлик билан ватанга қайтарилаëтганини билдирди.