Обама Эрондаги тазйиқларни танқид қилди

Эрон президентлик сайловидаги консерватив номзод Муҳсин Ризойи сайлов юзасидан Посбонлар кенгашига берган шикоят аризасини қайтариб олишини эълон қилди.

Посбонлар кенгашига йўллаган мактубда Муҳсин Ризойи Эронда юзага келган қалтис сиёсий вазият туфайли шундай қарорга келганини билдирди.

12 июн кунги президентлик сайловида амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг мутлоқ ғолиб деб эълон қилиниши Теҳрон кўчаларидаги намойишлар ва кейинчалик тўқнашувларга сабаб бўлди.

Ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорлари сайлов натижаларини бекор қилиш ҳамда қайта сайлов ўтказишни талаб қилиб келмоқдалар.

Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама Эрондаги воқеалардан “жунбушга келгани”ни билдириб, расмий Теҳрон ҳаракатларини кескин қоралади.

Сўнги маълумотларга кўра, Теҳрондаги намойишлар чоғида рўй берган тўқнашувларда камида 17 киши нобуд бўлган, юздан ортиқ фуқаро эса хавфсизлик кучлари томонидан ҳибс этилган.