Ироқда портлашлар кўпаймоқда

АҚШ расмийларига кўра, сўнги пайтда Ироқда зўравонликлар кўлами ортганига қарамай америкалик ҳарбийларни жорий ой якунига қадар йирик ва кичик шаҳарлардан олиб чиқиш режаси бекор қилинмайди.

Чоршанба куни Бағдоднинг асосан шиалар истиқомат қилувчи Садр шаҳарчасидаги бозорда рўй берган портлаш оқибатида салкам 70 киши нобуд бўлди, 100 дан зиёд фуқаро тан жароҳати олди.

Ушбу портлашдан бир кун аввал АҚШ ҳарбийлари Садр шаҳарчаси устидан назоратни Ироқ хавфсизлик кучларига топширган эди.

Сўнги кунлар мобайнида Ироқнинг бошқа шаҳарларида ҳам қўпорувчилик амалиётлари содир этилди.

Айни пайтда АҚШ расмийлари Ироқ ҳукумати билан эришилган келишув ва режага мувофиқ америкалик ҳарбийлар 30 июнга қадар шаҳар ва қишлоқларни тарк этишини билдирди.

Ироқ расмийлари аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Ироқдан чиқадиган даврда эктремистларнинг фаоллашуви мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган эдилар.