Ўзганда ўлдирилганлар шахсини ошкор қилинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати террорчилик ҳаракатига алоқадорликда гумонланиб Ўзган туманида жисмонан йўқ қилинган уч шахсга доир айрим маълумотларни ошкор қилди.

Улардан бири 1977 йилда туғилган, Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳрида яшаган Ботир Сотиболдиевдир.

Иккинчи жасад 1977 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Ҳасан Сулаймоновга тегишлидир. Унинг Покистондаги халқаро террорчиларни тайёрлаш марказида тайёргарликдан ўтгани айтилмоқда.

Учинчи жасад эса 40-50 ёшли одамникидир. Айни пайтда унинг шахси аниқланмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, жисмонан йўқ қилинган шахслар “Исломий жиҳод гуруҳи” аъзолари ва халқаро террорчилардир.

27 июндан 28 июнга ўтар кечаси Ўзган шаҳри яқинидаги Қўшқўрғон қишлоғида махсус хизматлар террорчилик ҳаракатига алоқаси борлиги айтилаётган қуролли гуруҳга нисбатан амалиёт ўтказган эди.

Беш соат давом этган отишма чоғида уч кишидан иборат қуролли гуруҳ аъзолари йўқ қилингани билдирилган.

22 июн куни Жалолобод шаҳрида ҳам бир неча соат давом этган отишмадан сўнг Ўзбекистон исломий ҳаракатига мансубликда гумонланаётган беш кишидан иборат қуролли гуруҳ жисмонан йўқ қилинган эди.