Посбонлар кенгаши овозларни қайта санашга киришди

Эрондаги Посбонлар кенгаши норозилик намойишларига сабаб бўлган президентлик сайловида берилган овозларни қисман қайта санашга киришди.

“Al-Alam” давлат телевидениеси тарқатган хабарга кўра, овозларни қайта санаш жараёни Теҳроннинг 22 тумани ва бир нечта вилоятда ўтказилмоқда.

Mаълум бўлишича, президентлик сайловида мағлуб, деб топилган номзодлар Мир Ҳусайн Мусавий ва Маҳди Каррубий Посбонлар кенгашининг махсус ишчи гуруҳига ўз вакилларини тайинламаган.

Ўтган ҳафта Эроннинг олий қонунчилик органи ҳисобланган Посбонлар кенгаши 12 июн кунги президентлик сайловида берилган овозларнинг 10 фоизини қайта санаб чиқиш тўғрисида топшириқ берган эди.

Бироқ мухолифатчилар сайлов натижаларининг мутлоқ бекор қилиниши ва қайтадан сайлов ўтказишни талаб қилиб келмоқдалар.

Посбонлар кенгаши амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ғолиб, деб топилган 12 июн кунги сайловда ҳеч қандай жиддий қонунбузарчилик қайд этилмаганини айтиб келмоқда.