Нидонинг ўлими тафтиш қилинади

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод мамлакат Бош прокурорига Теҳрондаги намойишлар чоғида Нидо исмли қизнинг ўлдирилиши юзасидан текширув ўтказиш тўғрисида топшириқ берди.

Бош прокурорга юборилган мактубда Аҳмадийнажод Нидо Оға Султон исмли қиз номаълум шахслар томонидан шубҳали тарзда ўлдирилгани ва ташқи душманлар унинг ўлимини рўкач қилиб¸ Эрон шаънига доғ туширишга уринаётганини билдирди.

Нидо Оға Султон президентлик сайлови натижаларига қарши 20 июн куни ўтказилган Теҳрондаги намойиш чоғида отиб ўлдирилди ва у Эрон режимига қарши бошланган халқ исёнинг қудратли бир рамзига айланди.