Тожикистон мустабидлар рўйхатида қолди

Халқаро таҳлилчилар фикрича¸ Имомали Раҳмон ҳам¸ ўз туркман ва ўзбек ҳамкасблари каби¸ Тожикистонда жипслашган авторитаризм тизимига асос солган.

Марказий Осиё давлатлари - Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби Тожикистон ҳам Freedom House ташкилотининг бу йилги ҳисоботида авторитар давлатлар рўйхатидан ўрин олди.
Ҳисобот муаллифлари Тожикистонда сайловлар жараёнида шаффофликнинг йўқлиги, фуқаролик жамияти қуриш билан боғлиқ муаммолар, миллий озчилик вакиллари ҳақ-ҳуқуқларинининг поймол этилаётгани, судлар ва матбуот эркинлигининг бўғиб қўйилаётгани ҳамда коррупциянинг йил сайин кучаяётганини танқид қилганлар.

Аммо Тожикистон Халқ демократик партияси масъулларидан бири Мусо Асозода Freedom House ҳисоботидаги хулосаларга қўшилмайди.

- Халқаро ташкилот ҳисобот гуруҳининг тожик жамиятида сўз эркинлиги мавжуд эмаслигига доир иддаоларига қўшила олмайман.

Тожикистон ўтиш даврини бошдан кечираётган давлатлар қаторига киради. Шуни назарга олган ҳолда, фуқаролик жамиятларини ташкил этишда камчиликлар бўлиши табиий. Аммо бу Тожикистоннинг авторитар давлат экани исботи эмас, дейди иқтидордаги партия масъули Мусозода.

Унга кўра, Тожикистон ўз қўшнилари Туркманистон ва Ўзбекистондан фарқли ўлароқ демократик тамойилларга ҳар доим амал қилиб келган.

Бироқ мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов Тожикистонда авторитар режим ҳукмронлигини рад этиб бўлмаслигини айтади.

- Туман ҳокимларидан тортиб олий ўқув юртлари ректорларига қадар ҳамма лавозимлар президент томонидан тақсимланади. Менимча, бу демократик давлат талабларига зид амалдир.

Шуни ҳам айтиш жоизки, кўпинча айтилган гаплар амалдагисига тўғри келмай қолаяпти. Менимча, Тожикистон ҳали узоқ йиллар “авторитар давлатлар рўйхати”да қолади, дейди мустақил кузатувчи.

Тожикистонда қабул қилинаётган қонунларнинг амалиётга тўғри келмаётгани тожик жамиятида норозилик пайдо қилаётганини нафақат таҳлилчилар, балки оддий тожикистонликлар ҳам эътироф этмоқдалар.

Масалан, 2007 йилда президент Имомали Раҳмон “Миллий урф-одатларни тартибга солиш” тўғрисидаги қонунни имзолаб, тожикистонликларга ҳашаматли тўйлар қилишни таъқиқлаб қўйган. Қонунда никоҳ тўйида 150 кишидан ортиқ кишининг қатнашиши, ЗАГС маросимига учтадан ортиқ енгил машина чиқиши маън қилиб қўйилганди.

Бироқ ортда қолган ҳафтада Тожикистон президентининг тўнғич ўғли Рустам Имомалининг уйланиши ва тўй тадбирининг жуда ҳашаматли ўтказилганига гувоҳ бўлган тожикистонликлар “қонунлар фақат оддийлар учун экан”идан шикоят қила бошладилар.

Президент ўғли тўйини четдан кузатган душанбеликларнинг айтишларича, бу тўйда лимузиннинг ўзидан тўрттаси хизмат қилган, келин учун гул Голландиядан келтирилган. Тўй президентнинг Варзоб дарасидаги қароргоҳида, норасмий манбаларнинг гапига қараганда, тахминан 500 та сараланган меҳмон иштирокида ўтказилган.

Президентнинг ўзи “Миллий урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга амал қилмагани оддий тожикистонликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

- Биттаю-битта ўғлимни уйлантирдим. Қариндошларимнинг ярмидан кўпи айтилмай қолди. Ҳамма биздан аразлаган. “Қонунга риоя қилинглар”, деб одамларни тузукроқ тўй қилишга қўймайди. Катталарнинг ўзи бунақа тўй қилишаяпти-ку қанча-қанча одамларини тўйга чақириб, саноқсиз машиналарни ишга солиб. Қани тенглик? дейди душанбелик уй бекаси Хосият опа.

Унинг айтишича, раҳбарлар ўзлари қонунга амал қилмаган ҳолда бошқаларни бунга даъват қилишлари ўринсиз.

Демократияни қонун диктатураси эканини эътироф этаётган маҳаллий таҳлилчилар ҳам мамлакатда имзоланган қонунларга президентдан тортиб оддий ишчигача бирдай амал қилмас экан, Тожикистон Freedom House каби халқаро ташкилотлар ҳисоботларида ёмонлар қаторида қолаверишини қайд этадилар.

Айни пайтда Тожикистонни авторитар давлатлар рўйхатига киритган Freedom House халқаро ташкилоти ҳисоботидаги далиллар асосли ёки асоссизлиги атрофида мамлакатдаги турли доиралар орасида баҳслар давом этмоқда.