Обама: Афғонистон хавфсизлиги бирламчи масала

Президент Барак Обама АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар Толибон жангариларини Ҳелманд вилоятидан сиқиб чиқаргани, бироқ Афғонистонда тинчлик равнақ топиши учун талайгина ишлар амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Буюк Британиянинг Sky News телеканалига интервью берган Обама ўз маъмурияти ёз фасли давомида Афғонистонда шиддатли жанглар бўлишидан хабардор бўлганини билдирди.

Интервю чоғида АҚШ президенти Афғонистонда 20 августга режаланган президентлик сайлови ўз вақтида ўтказилиши лозимлиги ва шу фурсат ичида хавфсизликни таъминлаш бирламчи вазифалардан бири бўлажагини айтди.

Бундан ташқари Оқ уй раҳбари АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги президентлик сайловидан сўнг мамлакатдаги вазиятни ўрганиб чиқиши ва Афғонистон қўшинлари малакасини оширишга киришишини ҳам маълум қилди.