Браун афғон стратегиясини ҳимоя қилди

Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун Британия қўшинларининг Афғонистондаги стратегиясини ҳимоя қилди.

Ўтган ҳафта Афғонистонда жангарилар билан рўй берган тўқнашувлар оқибатида британиялик саккиз аскарнинг нобуд бўлгани хабар қилинди. Шу билан Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда ҳалок бўлган британиялик ҳарбийлар сони 184 кишига етди.

Британия парламентидаги қўмитага йўллаган мактубида Бош вазир Афғонистондаги амалиётлар чоғида британиялик ҳарбийлар орасида талофотлар сонининг ортишига қарамай, қўшинлар тўғри йўл тутаётгани ва қўмондонлар ғалаба қозонилаётганига ишонишини таъкидлади.

Гордон Браун Британиянинг асосий мақсади терроризмни мамлакат кўчаларига келишининг олдини олиш, жумладан, Покистон ва Афғонистондаги террор тармоқларини йўқ қилиш ва ҳар иккала давлат ҳукуматларига ёрдам беришдан иборат эканини билдирди.