Истанбулда Хитойга қарши намойиш ўтди

Кеча Истанбулда минглаб турклар Шинжон-Уйғур мухтор минтақасидаги зўравонликларга қарши норозилик намойишини ўтказди.

Истанбулнинг Чаглаян майдонига чиққан беш мингга яқин одам қўлларида Туркия байроғи билан биргаликда 1930чи йиллардаги мустақил Шарқий Туркистон Республикаси байроқларини ҳам кўтариб олган эди.

Хитой оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, Шинжон - Уйғур мухтор ўлкасида рўй берган этник зўравонликлар оқибатида жароҳатланган фуқаролар сони 1680 кишини ташкил этган.

Дастлабки хабарларда жами мингга яқин фуқаронинг тан жароҳати олгани эълон қилинган эди.

Ўтган ҳафта якунида Урумчи шаҳрида рўй берган тартибсизлик оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 184 киши, жумладан, этник ханлардан 137 киши ва уйғурлардан 46 киши нобуд бўлган.

Бироқ уйғурларнинг таъкидича, Хитой расмийлари тақдим этган маълумотлар ҳақиқатга яқин эмас ва уйғурлар орасидаги талофотлар анча кўп бўлиши мумкин.