Эронда бўлиниш кучаймоқда

Эрондаги президентлик сайловида мағлуб деб топилган номзод Муҳсин Ризоий¸ агар ҳукумат сайловдан сўнг мамлакатда юзага келган бўлинишларни бартараф эта олмаса¸ Ислом жумҳуриятининг охир-оқибат барбод бўлиши хусусида огоҳлантирди.

Якшанба куни интернетга жойлаштирилган мурожаатда Муҳсин Ризоий ҳозирги вазият Эрон ичкарисидаги бўлинишларга сабаб бўлишини таъкидлаб, мамлакат фуқароларини миллий бирдамликка чақирди.

Посбонлар кенгашининг собиқ қўмондони Муҳсин Ризоий президентлик учун пойгада учинчи ўринни эгаллаган эди.

Амалдаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг ушбу сайловда ғолиб деб топилиши пойтахт Теҳронда юз минглаб мухолифат тарафдорларининг норозилик намойишига чиқишига сабаб бўлди.

Ушбу намойишларни уюштирган ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорлари қайта сайлов ўтказишни талаб қилмоқдалар.