Ҳелмандда НАТО вертолёти қулади

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида халқаро кучларга тегишли вертолёт ҳалокатга учради.

НАТО матбуот вакилининг айтишича, фожеада жами олти киши нобуд бўлган. Маълум бўлишича, ўлганларнинг барчаси тинч аҳоли вакиллари бўлган.

Толибон ҳаракати матбуот вакили НАТО вертолёти жангарилар томонидан Сангин туманида уриб туширилганини маълум қилди.

Фожеа гувоҳларидан бири вертолёт қулашдан аввал ёна бошлаганини билдирди.

Айни пайтда АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар Ҳелманд вилоятида толибон жангариларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт олиб бормоқда.

АҚШ қўшинлари қўмондонлиги душанба куни вилоятда рўй берган отишмада америкалик икки аскар нобуд бўлгани тўғрисида хабар тарқатди.