Канада Чехияга нисбатан виза тартиби жорий қилди

Канада ҳукумати Чехия фуқароларининг мамлакатга кириши учун виза тартибини қайта жорий қилишига норозилик тариқасида Чехия ҳукумати Канададаги ўз элчисини чақириб олди.

Прагада ўтказилган матбуот анжуманида гапирган Чехия Бош вазири Ян Фишер ўз ҳукумати Канада дипломатлари ва расмийларига нисбатан виза тартиби жорий этгани ва Прага ЕИга аъзо бўлган бошқа давлатларни ҳам шундай чоралар кўришга ундашини билдирди.

- Икки демократик ва иттифоқчи давлат ўртасидаги сиёсий муносабатлар доирасида Чехия республикаси Канада ҳукумати ҳаракатларини хато, деб билади. Бундан ташқари Канада ҳукуматининг мазкур қарори сайёҳлар оқими кўпайган ва айни дамда Канададан бошпана сўровчи чехияликларнинг сони июн ойида жорий йилнинг май ойига солиштирганда 25 фоизга тушган бир пайтга тўғри келди, деди Чехия Бош вазири.

Канада ҳукумати сўнгги пайтда Чехия фуқаролари орасида мамлакатда бошпана сўровчилар сони кескин ортиб бораётганини таъкидлаб, 14 июлдан бошлаб Чехия фуқароларига виза тартиби жорий қилди.

Канада элчихонасига кўра, 2009 йилнинг биринчи ярмида 653 киши қочқинлик мақоми сўраб мамлакат муҳожират идораларига мурожаат қилган. Бу фуқароларнинг аксари чехиялик лўлилардир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Чехия ҳукуматини мамлакатда истиқомат қилувчи 250 минга яқин лўлилар ҳуқуқларини камситаётганликда айблаб келмоқда.