Британия генерали Афғонистонда ҳарбийлар сонини оширишга чақирди

Буюк Британия қўшинлари қўмондони Афғонистонда халқаро кучлар сонини ошириш лозимлигини таъкидлади.

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятидан туриб Би-Би-Си радиосига берган интервьюда генерал Ричард Даннат ҳарбийларнинг қайси давлатдан келиши муҳим эмаслигини билдирди.

Унинг фикрича, ҳарбийлар ҳозирлиги афғон жамиятининг кун кечириши учун зарур шароитни яратиб беради.

Ҳозирда Афғонистонда Буюк Британиянинг 9 мингга яқин аскари хизмат қилмоқда.

Сўнгги ҳафта мобайнида мамлакат бўйлаб рўй берган зўравонликларда британиялик 15 аскар нобуд бўлди. Ҳарбийларнинг ўлими эса Британияда "Афғонистондаги урушда ғалаба қозониладими?" деган қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.