“Мемориал” Қодировни айбламоқда

Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз фаолларидан бирининг ўлимида Чеченистон президентини айбламоқда.

“Мемориал”нинг Чеченистон бўлимида ишлаган Наталья Эстимирива чоршанба куни Грозний шаҳрида ўғирлаб кетилди ва кейинроқ унинг жасади қўшни Ингушетияда топилди.

“Мемориал” ташкилоти раиси Олег Орлов ҳуқуқ фаолининг ўлимида Чеченистон президенти Рамзан Қодировни айблади.

Ташкилот вебсайтида эълон қилинган баёнотда Қодиров Эстемировага бир неча марта таҳдид қилгани ва уни ўзининг “шахсий душмани”, деб билгани айтилади.

Интерфакс агентлигига кўра, Қодиров “даҳшатли” қотиллик учун масъуллар топилиб жазоланиши лозим, дея баён қилган.

Кремл матбуот котиби президент Дмитрий Медведев қотилликдан “ғазабга келган”и ва тергов ўтказишни буюрганини маълум қилди.

Европа Иттифоқининг жорий раиси Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт қотилликни қоралади.

Эстимирова Чеченистонда одам ўғирлашлар, қотилликлар ва жамоат олдида қатл қилишларга оид ўтказган терговлари билан танилган ва фаолияти туфайли унга Чеченистондан тез-тез таҳдидлар келиб турган.

Чоршанба кунги воқеа гувоҳларига кўра, Эстимирова ўз уйидан чиқиб кетаётганда номаълум шахслар уни машинага тиқиб олиб кетган.