Грузин мухолифатчилари янги партия тузди

Грузия мухолифати етакчиси ва мамлакатнинг БМТдаги собиқ элчиси Иракли Аласания янги партияга асос солди.

Аласания “Бизнинг Грузия – Эркин демократлар” партиясининг таъсис маросимида президент Михаил Саакашвили истеъфоси талабидаги бир неча ойлик намойишлар беҳуда кетмаслигини таъкидлади.

Янги партия апрел ойидан бери давом этаётган Саакашвилини ағдариш кампаниясида қатнашаётган ўндан ортиқ мухолиф гуруҳларни бирлаштирди.

Грузия мухолифати Саакашвилини 2003 йилдаги “Атиргул инқилоби”дан кейин ҳокимиятни ўзлаштирганлик ва ўтган йилнинг августида мамлакат учун ҳалокатли бўлган Россия билан можарони бошлаганликда айбламоқда.