Бан Ки Мун Эстемированинг ўлдирилишини қоралади

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Россияда таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Наталья Эстемированинг ўлдириб кетилишидан жиддий ташвиш билдирди.

БМТ Бош котиби Россия ҳукуматини пухта ва мустақил тергов ўтказишга ҳамда жиноятга алоқадор шахсларни маҳкамага тортишга чақирди.

Наталья Эстемирова чоршанба куни Грознийда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. Шу куннинг ўзида унинг жасади қўшни Ингушетия республикасида топилди.

Эстемирова ишлаган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Олег Орлов ҳуқуқ фаолининг ўлимида Чеченистон президенти Рамзон Қодировни айблади.