Қирғизистон сайлов натижаларини кутмоқда

Маҳаллий вақт билан соат 20.00 да Қирғизистоннинг барча ҳудудларида сайлов участкалари ёпилди.

Марказий сайлов комиссияси участкалар ёпилгунига қадар қанча сайловчи овоз бериб бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот тарқатгани йўқ. Соат 18:25 гача олинган маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 73,03 фоизи (2 087 610 киши) овоз бериб бўлган.

Сайлов натижалари ҳали эълон қилинмай туриб, бир неча номзод, жумладан, амалдаги президент Қурмонбек Бакиевнинг сайловдаги асосий рақиби ўлароқ қаралаётган Алмазбек Атамбаев сайловни нолегитим, деб тан олишга даъват қилди.

Айни пайтда Алмазбек Атамбаев сайлов штаби олдида унинг 1000 га яқин тарафдори йиғилди. Улар учун штаб ёнида қирғиз эстрадаси юлдузлари иштирокида концерт уюштирилган. Бироздан сўнг номзод Атамбаев ва унинг сайлов штаби вакилларининг тўпланганлар олдига чиқиши кутилмоқда.