АҚШ-Россия сўзлашувлари давом этади

Россия ва АҚШ расмийлари ядровий қуролсизланиш бўйича 1991 йилда имзоланган битимни янгилаш борасидаги сўзлашувларни август якуни ва сентябр бошларида қайта давом эттиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатди.

Бундан бир оз аввал АҚШ ҳукумати матбуот вакили мазкур масала юзасидан жорий ҳафта Женевада ўтказилган сўзлашувларда ижобий натижага эришилганини маълум қилди.

Жорий ой бошида Москвада учрашган АҚШ ва Россия президентлари ҳар иккала давлат тасарруфида бўлган ядровий каллакларни қисқартиришга келишиб олгандилар.

Ядровий қуролсизланиш бўйича совуқ уруш даврида имзоланган амалдаги тарихий битим муддати жорий йил охирида тугайди.