Чеченлар ўзаро музокара ўтказмоқда

Аҳмад Закаев Чеченистон парламенти раиси Дукваха Абдураҳмонов билан бўлиб ўтган музокараларда ўзининг Чеченистонга қайтиши масаласи муҳокама қилинмаганини айтди.

Чеченистонда миллий ярашувга эришиш бўйича сургунда фаолият юритаётган Чеченистон Ичкерия республикаси ва Москва тарафдори бўлган Чеченистон республикаси расмийлари маслаҳатлашув ўтказди.
Сургунда фаолият юритаётган Чеченистон Ичкерия республикаси ҳукуматига 2007 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган Аҳмад Закаев 24 июл куни Ослода ўтказилган матбуот анжуманида Чеченистонда миллий ярашувга эришиш учун Москва тарафдори бўлган Чеченистон республикаси расмийлари билан маслаҳатлашув олиб бораётганини айтди.

Закаев икки кун давомида Чеченистон республикаси президенти Рамзан Қодировга яқин шахс экани айтилаётган, республика парламенти раиси Дукваха Абдураҳмонов билан музокара ўтказган. Осло шаҳридаги дастлабки сўзлашув тўрт ҳафта олдин бўлиб ўтган эди. Томонлар учинчи давра музокараларни 10-14 кундан кейин Лондонда ўтказишга келишиб олган.

Ивар Амундсен қароргоҳи Лондонда жойлашган Чечен тинчлик форуми раҳбари. Бу форум Осло шаҳрида икки давра чеченлараро музокаралар ўтказилишида воситачилик қилди.

Озодликка интервью берган Амундсен Ослодаги музокаралар сернатижа ва ижобий бўлганини айтди. Унга кўра, музокараларни Қодиров қўллаб-қувватлагани жуда муҳимдир. Боиси Қодировнинг ортида Кремл турибди.

Амундсен фикрича, бу Чеченистонда тинчлик қарор топтиришнинг ягона йўли мулоқот олиб бориш экани ва бу ишда Закаевдан фойдаланиш кераклигини Москва ниҳоят тушуниб етган.

- Россия ҳукумати ҳозиргача рад этиб келган ушбу диалог муаммони ҳал қилишда ягона реалистик ёндошув сифатида тўсатдан қабул қилинди, деди Амундсен.

Чеченистон республикаси президенти Рамзан Қодиров сўнгги 12 ой давомида Закаев билан мулоқотда бўлиб келгани иддао қилди. У Закаев ҳозирги расмий лавозимида Чеченистонга қайтишга тайёр эканига бир неча марта ишора қилди. 28 июн куни Қодиров Закаевга узил-кесил қарор қабул қилиши учун бир ой муҳлат белгилади.

Бироқ Озодликка интервью берган Закаев Ослода ўтган музокараларда ўзининг Чеченистонга қайтиши масаласи муҳокама қилинмаганини айтди.

- Биз шахсан менинг қайтишим ва ишга жойлашишим масаласини бир марта ҳам муҳокама қилмадик. Бу журналистлар ва сиёсий таҳлилчиларнинг миш-мишлари, тахминлари ва талқинларидан бошқа нарса эмас, деди Закаев.

Осло музокаралари Чеченистондаги вазиятга қандай таъсир этиши мумкинлиги масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда. Бироқ таҳлилчилар фикрича, Осло музокараларнинг аҳамияти шундан иборатки, бу Россия президенти Дмитрий Медведев Шимолий Кавказдаги вазиятни барқарорлаштириш учун Чеченистонга бўлган ёндошувни қайта кўриб чиқаётгани белгиси бўлиши мумкин.