Афғонистонда зўравонлик ортмоқда

БМТнинг Афғонистондаги юқори лавозимли расмийларидан бири толибон жангариларининг келаси ойга белгиланган президентлик сайлови ўтказилишини барбод қилиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

БМТ ëрдам миссияси раҳбари Кай Эйде фикрича, давом этаётган зўравонликлар туфайли 20 август куни фуқаролар сайлов участкаларига боришдан қўрқиши мумкин.

БМТ расмийсининг ушбу баёнотидан бир оз аввал номаълум шахслар президентликка асосий даъвогарлардан бири ҳисобланган Абдулла Абдулла ёрдамчиси кетаётган машинани ўққа тутдилар. Оқибатда Абдулла Абдулланинг ёрдамчиси тан жароҳати олди, унинг ҳайдовчиси эса воқеа жойида нобуд бўлди.

Якшанба куни президентликка номзодлардан бири кетаётган машина жангарилар ҳужумига учради. Душанба куни эса Нангарҳор вилоятида жангарилар сайловолди кампанияси иштирокчиларини ўққа тутгани оқибатида бир киши тан жароҳати олди.

Ўтган ҳафта давомида толибон жангарилари Ҳўст вилоятида ҳукумат биноларига ҳужум уюштирди.

Айни пайтда Буюк Британия қўмондонлиги душанба куни Афғонистон жанубида рўй берган портлашда британиялик икки ҳарбий нобуд бўлганини эълон қилди. Жорий ой давомида Афғонистонда рўй берган зўравонликларда британиялик жами 22 ҳарбий нобуд бўлди.

Шунингдек, бугун Ҳелманд вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида қўриқчилик ширкатининг маҳаллий саккиз ходими нобуд бўлди.