Эронда ҳалок бўлган намойишчилар хотирланади

Эрон мухолифати етакчилари Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳдий Каррубий Теҳрондаги намойишлар чоғида ҳалок бўлган фуқаролар қабрини зиёрат қилишни режаламоқдалар.

Бу ҳақда Меҳдий Каррубий идораси хабар тарқатди. Бундан бир оз аввал Эрон ҳукумати Теҳрондаги Моссала масжидида намойишларда ўлдирилган шахслар қирқини ўтказишга оид мухолифат талабномасини инкор қилди.

20 июн кунги намойишлар чоғида нобуд бўлганлар орасида 27 яшар Нидо Оға Султон ҳам бўлган. Унга ўқ тегиб, юзи қонга беланаётган сониялар видеотасвири интернетга қўйилгач, Нидо Эрондаги қаршилик ҳаракати рамзига айланди.

Эрон собиқ президенти Муҳаммад Ҳотамий ҳибсга олинган норозиларни сўроқ қилишда полиция ходимлари қўллаган усулларни кескин қоралади.

Президентлик сайловига қарши Теҳронда ўтказилган намойишдан сўнг қўлга олинган фуқароларнинг аксари озод қилинган бўлса-да, 250 киши ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

Айни пайтда Эрон расмийлари шанба куни намойишларга алоқадорликда гумон қилинган 20 шахс устидан маҳкама жараёни бошланишини маълум қилдидар.