Толиблар сайловни бузиш ниятида

Толибон ҳаракати Афғонистон фуқароларини 20 августда ўтказилажак президентлик сайловини бойкот қилиб¸ мамлакат босқинчиларига қарши жиҳодга қўшилишга чақирди.

Интернет сайтлардан бирига жойлаштирилган чақириқда толибон ҳаракати барча жангариларни фуқароларнинг сайлов участкаларига боришини олдини олиш учун йўллардаги назоратни кучайтириш ва “душман марказлари”ни нишонга олишга даъват қилди.

Ҳозирги кунда Афғонистонда халқаро кучларнинг 90 минга яқин аскари хизмат қилмоқда. АҚШ, Буюк Британия ва Афғонистон хавфсизлик кучлари сайловнинг хавфсиз ўтказилишини таъминлаш мақсадида, мамлакат бўйлаб жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказмоқда.

Айни пайтда¸ пайшанба куни Ҳелманд вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳукумат кучларининг тўрт аскари нобуд бўлди, икки нафари тан жароҳати олди.