ЕИ молдоваликларни ошиқтираётир

Европа Иттифоқи Молдовани 29 июл куни бўлиб ўтган парламент сайловидан сўнг барқарорликни сақлаб қолиш учун янги ҳукуматни тезроқ тузиб олишга чақирди.

Европа Иттифоқининг юқори лавозимли дипломати Хавьер Солана Молдовадаги сиёсий кучларни президентни сайлашни ҳамда ҳукуматни шакллантиришни тезлатишга даъват қилди.

АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси раиси Жон Керри ўтказилган парламент сайлови Молдова учун муҳим босқич бўлганини таъкидлаб, мамалакатдаги кучларни сиёсий қарашларидаги фарқларни четга суриб, бирлаштирувчи нуқталарни топишга чақирди.

Молдовада бўлиб ўтган парламент сайловини ЕХҲТ ва МДҲ миссиялари кузатувчилари демократик ва халқаро стандартларга мос ўтказилди, деб баёнот берди.

Сайловнинг дастлабки натижаларига қараганда, 101 ўринли Молдова парламентидаги 48 ўринни Коммунистик партия, қолган 53 ўринни мухолифатдаги демократик 4 партия эгаллайди.

Мухолифатдаги партиялар кеча коалиция тузганларини эълон қилди.