Молдовада коалицион ҳукумат тузилмоқда

Молдовадаги марказчи Демократик партия етакчиси Мариан Лупу парламент сайловида ғалаба қозонган мухолифатдаги тўрт сиёсий партия коалицион ҳукумат тузиш юзасидан музокаралар бошлашини маълум қилди.

Ройтерс агентлигига интервью берган Мариан Лупу парламентда йирик фракциялардан бири бўлиб қолаётган Коммунистлар партияси билан ҳам музокаралар бошлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, 101 ўринли Молдова парламентидаги 48 ўринни Коммунистик партия, қолган 53 ўринни мухолифатдаги демократик 4 партия эгаллайди.

Мухолифатчилар коалицион ҳукумат тузиш учун етарлича ўринни қўлга киритган бўлса-да, бироқ президентни сайлаш учун бу ўринлар камлик қилади.

Айни пайтда Коммунистлар етакчиси Владимир Воронин ўз партияси мухолифатчилар билан сўзлашув бошлашга тайёр эканини маълум қилди.

Европа Иттифоқининг юқори лавозимли дипломати Хавьер Солана ўз навбатида¸ Молдовадаги сиёсий кучларни президентни сайлаш ҳамда ҳукуматни шакллантиришни тезлатишга даъват қилди.