Афғонистонда НАТОнинг тўрт аскари ҳалок бўлди

АҚШ қўшинлари қўмондонлиги Афғонистон жанубида содир этилган икки портлашда америкалик уч аскар ҳалок бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда Франция қўшинлари қўмондонлиги ҳам Кобул шимолида жангарилар билан рўй берган отишмада франциялик бир аскар нобуд бўлгани, икки нафари тан жароҳати олганини билдирди.

Июл ойи давомида Афғонистон бўйлаб рўй берган тўқнашувларда 70 дан зиёд аскар ҳалок бўлди.

Шунингдек, мамлакат ғарбида Толибон жангарилари сайлов варақалари олиб кетаётган ҳарбийлар колоннасига ҳужум уюштирган. Оқибатда тўрт аскар нобуд бўлган.

БМТнинг Афғонистондаги вазиятга оид эълон қилган янги ҳисоботида айтилишича, жорий йил давомида Афғонистонда рўй берган зўравонликлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 1013 киши нобуд бўлган.

Ҳисоботга кўра, тинч аҳоли вакиллари орасидаги талафотларнинг 59 фоизига Толибон жангарилари, 30 фоизига эса ҳукумат қўшинлари масъул бўлган.