НАТО Афғонистондаги стратегиясини ўзгартирмоқда

НАТО бошқарув кенгаши Афғонистондаги халқаро кучлар бошқарувини такомиллаштириш тўғрисидаги режани маъқуллади.

НАТО матбуот вакили Жеймс Аппатураининг айтишича, режага мувофиқ халқаро кучлар учун янги бош штаб ташкил этилади. АҚШ генерали Девид Родригез ушбу штабга раҳбарлик қилади.

Брюсселда иш бошлаган НАТО мажлисини яқинда ушбу альянсга раҳбар этиб тайинланган Дания собиқ бош вазири Андерс Фог Расмуссен ўтказди.

Душанба кундан бошлаб НАТО Бош котиби лавозимига киришишган Андерс Фог Расмуссен бор диққат-эътиборини Афғонистон масаласига қаратажагини таъкидлади.

Ҳозирда Афғонистонда НАТОнинг 64 минг кишилик ҳарбий контингенти хизмат қилмоқда. Айтилишича, мазкур кучлар янги ташкил этилган бош штабга бўйсунади.