Москвада Политковская иши қайта бошланди

Москва суди таниқли журналист Анна Политковскаянинг ўлдирилишига оид ишни қайта кўриб чиқа бошлади.

Кремлнинг ашаддий танқидчиси ҳисобланган Анна Политковская 2006 йилнинг 7 октябр куни Москвада номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.

Маҳкама тортилган уч шахс қотилликка алоқадорликда гумон қилинмоқда. Қотиллик буюртмачилари аниқланмаган, жиноят ижрочиси эса ҳануз қўлга олинмаган.

Жорий йилнинг феврал ойида Москва суди маслаҳатчилари журналист Анна Политковскаяни ўлдирганликда айбланаётган уч шахсни айбсиз, деб топган эди. Бироқ июн ойида Россия Олий суди ушбу шахслар устидан чиқарилган оқлов ҳукмини бекор қилди.

Политковскаянинг яқинлари журналистнинг ўлдирилишига расмийлар ҳам алоқаси борлигини айтмоқдалар. Бироқ расмий Кремл бу айбловларни инкор қилиб келмоқда.