Покистон ҳукумати Масъуднинг ўлдирилганига ишонади

Покистон расмийларига кўра, мамлакатдаги толибон ҳаракати етакчиси Байтуллоҳ Масъуд икки кун муқаддам амалга оширилган ҳарбий амалиётлар чоғида ўлдирилган бўлиши мумкин.

Расмийларнинг билдиришича, сешанба куни Жанубий Вазиристонда АҚШ учқичлари ёрдамида берилган ҳаво зарбаларида Байтуллоҳ Масъуд, унинг турмуш ўртоғи ва бир нечта тан соқчиларининг ўлдирилгани тўғрисидаги маълумот қўлга киритилган.

Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший толибон етакчисининг ўлдирилганини тасдиқлаш мақсадида бир гуруҳ расмийлар Жанубий Вазиристонга сафар қилганини билдирди.

- Мендаги ва хавфсизлик идорасидаги маълумотга кўра, Байтуллоҳ Масъуднинг ўлдирилгани тўғрисидаги хабарларга ишонса бўлади ва айни пайтда биз бу хабарни воқеа жойидан тасдиқлашга уринмоқдамиз. Бироқ, мендаги маълумотларга кўра, бу ишончли хабардир ва толибон етакчиси ўлдирилган, деди Ташқи ишлар вазири.

Айни пайтда Покистон расмийлари толибон етакчисининг дафн қилиб бўлингани тўғрисида хам хабар тарқатдилар.