Эрон қамоқхонаси бошлиғи қўлга олинди

Теҳрон шаҳридаги ёмон ном чиқарган “Каҳризак” қамоқхонаси бошлиғи қўлга олинди.

Бунга қамоқхонада маҳбуслар таҳқирлангани ҳақидаги иддаолар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Полиция бошлиғи Исмоил Аҳмадий Муқаддам айтганига асосланиб Фарс ахборот агентлигининг билдиришича, қамоқхона бошлиғи аввал ҳибсга олиниб, кейин қўйиб юборилган.

Маълумотларга кўра, қамоқхонанинг икки нозири ишдан бўшатилган. Полиция уларнинг исмини ошкор қилмади.

Эронда президент сайловидан кейин уюштирилган норозилик намойишларида ҳибсга олинганларнинг аксари “Каҳризак” қамоғида сақланмоқда. Улардан айримлари шу қамоқхонада сирли вазиятда оламдан ўтди.