АҚШ Толибон етакчиси ўлдирилганига ишонади

Оқ уй маъмуриятига кўра, покистонлик Толиблар етакчиси Байтуллоҳ Маъсуд учувчисиз бошқариладиган учқичдан берилган ракета зарбаси натижасида ҳалок бўлганига деярли шубҳа йўқ.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жэймс Жонс Маъсуднинг 5 август куни ҳалок бўлганига 90 фоиз амин эканини таъкидлади.

- Тўғрисини айтсам, менинг ўзим ҳам бунга тўлиқроқ ишонч хосил қилишни хоҳлардим. Лекин Маъсуднинг ўлдирилганини 90 фоиз аниқ деса бўлади. Бу хабарни Покистон ҳам тасдиқлади. Гарчи Маъсуднинг қабиладошлари буни инкор этаётган бўлишса-да биз ишонарли даллилларга эгамиз, - деди Жэймс Жон.

Жорий ҳафта бошида АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган самолётлари Жанубий Вазиристонда Байтуллоҳ Маъсуд қайнотасининг хонадонини нишонга олган эди.

Дастлаб ушбу зарбаларда Маъсуднинг турмуш ўртоғи ва кейинчалик унинг ўзи ҳам нобуд бўлгани эълон қилинди.