Ҳелмандда толибларга қарши амалиётлар ўтказилмоқда

АҚШ қўшинлари Афғонистон жанубида толибон жангариларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказа бошлади.

Ушбу амалиётлардан асосий мақсад толибон жангариларининг келаси ҳафтага режаланган президентлик сайловида қўпорувчилик амалиётлари содир этишининг олдини олишдан иборат.

Ҳелманд вилоятининг Навзод туманида ўтказилаётган ушбу амалиётларда АҚШ қўшинларининг 400 аскари ва Афғонистон хавфсизлик кучларининг 100 га яқин ходими қатнашмоқда.

Айни пайтда Қундуз вилоятида толибон жангарилари маҳаллий полиция участкасига ҳужум уюштиргани ва полициянинг икки ходими ўлдириб кетилгани хабар қилинмоқда.