Кобулда яна портлаш рўй берди

Кобул шарқида содир этилган портлаш оқибатида БМТнинг маҳаллий икки ходими нобуд бўлди.

БМТнинг Афғонистондаги ëрдам миссияси раҳбари Кай Эйде сўзларига кўра, халқаро кучлар карвони нишонга олинган ушбу портлашда БМТнинг яна бир маҳаллий ходими жароҳатланган.

Афғон расмийларига кўра, мазкур ҳужумда жами олти киши нобуд бўлган, 50 дан зиёд фуқаро тан жароҳати олган.

НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар матбуот вакили жароҳатланганлар орасида хорижлик аскарларнинг ҳам борлигини маълум қилди.

Бундан бир оз аввал Кобулдаги президент қароргоҳи ўққа тутилгани ҳақида хабар тарқатилди.

Айни пайтда Афғонистонда 20 август куни ўтказилажак президент ва маҳаллий кенгаш сайловларига қизғин тайёргарлик давом этмоқда. Толибон ушбу сайловларнинг ўтказилишига тўсқинлик қилишга ваъда берган.