ГЭС аварияси оқибатлари бартараф этилмоқда

Сибирдаги Саяно-Шуша ГЭСида душанба куни юз берган авария оқибатлари бартараф этилмоқда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, авария оқибатида 11 киши нобуд бўлган, 14 киши тан жароҳати олган. 60 дан зиёд киши ҳозирча бедарак.

"РусГидро" корпорацияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Василий Зубакин қидирув ишлари давом эттирилаётгани, бироқ бедарак йўқолган ходимларни тирик топиш умиди тобора сўниб бораётганини таъкидлади.

Айни пайтда Россия Фавқулодда ҳолатлар вазири Сергей Шойгу ГЭС тўғонининг бузилиб кетиш хавфи йўқлиги тўғрисида билдирди.

ГЭСда юз берган авариядан миллиардлаб рубл зарар кўрилгани айтилмоқда.