Ироқда назорат кучайтирилди

Ироқда чоршанба куни содир этилган кучли портлашлар ортидан хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли ўнлаб ходими ҳибсга олинди.

19 август куни Бағдод марказида содир этилган камида олтита портлаш оқибатида 95 киши нобуд бўлди, юзлаб одам тан жароҳати олди.

Айни пайтда Ироқ армияси матбуот вакили генерал Қосим Ато ҳибсга олинган расмийлар чоршанба кунги портлашлар юзасидан сўроқ қилинганини билдирди.

Бағдодда хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, бугун ҳам пойтахт марказида портлаш содир этилди. Оқибатда икки киши нобуд бўлди, ўнлаб фуқаро тан жароҳати олди.

Расмийлар мазкур портлашларда Ироқда фаолият юритаётган Ал-Қоида вакиллари ва собиқ президент Саддам Ҳусайн тарафдорларини айбламоқдалар.