Теҳрон жаҳон лидерларидан ўзгача муносабат истайди

Эрон расмийлари БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан ҳамкорлик давом эттирилишини айтмоқда.

Бу ҳақда Эроннинг мунозарали ядровий дастурига оид ХАЭА ҳисоботи эълон қилиниши арафасида Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Қашқавий баён қилди.

Қашқавий, шунингдек, президент Маҳмуд Аҳмадийнажот қайтадан сайланиб, янги ҳукумат тузилиши муносабати билан дунёнинг қудратли давлатларини ўзларининг ядровий сиёсат ва санкцияларга оид қарашларига “туб ўзгартишлар” киритишга чақирди.

Эрон расмийси ўзгартишлар нимадан иборат бўлиши лозимлигига аниқлик киритмади.