Браун ливияликлар ҳаракатидан ғазабда

Британия бош вазири Гордон Браун ўтган ҳафта озод қилинган Абдулбосит Магроҳий Ливияда қаҳрамонларча кутиб олинганидан таассуфда эканини баён қилди.

Браун 1988 йилда Локерби шаҳарчаси осмонида самолётни портлатгани учун “Локерби бомбачиси” номи билан танилган Магроҳийнинг озод этилиши юзасидан биринчи марта изоҳ берди.

- Шу нарсани айтишим керакки, йирик террор ҳуружини амалга оширган жиноятчининг Ливияда бундай кутиб олингани менда ҳам ғазаб, ҳам нафрат уйғотди, деди Браун.

АҚШ ҳукумати ва Локерби воқеаси қурбонларининг яқинлари Шотландия ҳукуматининг Магроҳийни касаллиги туфайли озод этиш қарорини қоралади.

Браун мазкур қарорни қабул қилиш Шотландия ҳукумати иши эканини қўшимча қилди.