Обама ҳам расмий натижаларни кутмоқда

Обама маъмурияти Афғонистонда ўтган ҳафтдаги сайловларда овозлар қалбакилаштирилганига оид иддаоларни текшириш учун Кобул расмийлари ихтиёрида етарли тартиб-қоидалар борлигига ишонишини маълум қилди.

Оқ уй матбуот вакили Билл Бёртонга кўра, АҚШ президенти Барак Обама ҳамма каби президент ва маҳаллий кенгаш сайловларининг расмий натижалари эълон қилинишини кутмоқда.

Обама 20 август сайловлари мувафаққиятли ўтганига ишора қилган эди. Бироқ ўшандан бери овозлар қалбакилаштирилганига оид янги иддаолар пайдо бўлиб, баъзи рақамларга кўра, овоз берган сайловчилар сони айтилганидан камроқ экани тахмин қилинаяпти.

Шу пайтгача эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, иқтидордаги президент Ҳамид Карзай асосий рақиби собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳдан 10 фоизга кўпроқ овоз олгани айтилмоқда.