АҚШда “Дискавери” ракетаси фазога учирилди

АҚШнинг НАСА фазо тадқиқотлар агентлигининг билдиришича, бугун эрта тонгда Флорида штатидан учирилган ракета саккиз ярим дақиқа ичида Ер орбитасига кўтарилган. Шаттл дастури тарихида бу 128-марта амалга оширилаётган парвоздир.

Ракетани даставвал сешанба куни фазога чиқариш режаланган эди, бироқ кеманинг ёқилғи бакидаги носозликлар туфайли парвоз қолдирилди.

Етти кишидан иборат бўлган “Дискавери” экипажи Халқаро космик станциясига озиқ-овқат ва бошқа юкларни етказиб беради. “Дискавери”нинг бу галги миссияси 13 кунга мўлжалланган.