Туркманистон ҳарбий денгиз базасига эга бўлмоқчи

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Каспий денгизининг Озарбайжон билан тортишувларга сабаб бўлаётган ҳудудида ҳарбий денгиз базаси ташкил этилишини эълон қилди.

Миллий хавфсизлик кенгашининг мажлиси чоғида чиқиш қилган Бердимуҳаммедов янги база Туркманбоши порт шаҳрида ташкил этилишини билдирди.

Туркманистон ва Озарбайжон Каспий денгизида газ ва нефт конлари борлиги таҳмин қилинадиган ҳудудлар юзасидан тортишиб келмоқда. Туркманистон раҳбари ўтган ой ўз ҳукуматига мазкур масалани халқаро судга олиб чиқиш тўғрисида топшириқ берган.