Душанбеда франциялик ҳарбийлар муштлашди

НАТОнинг Тожикистондаги базаси вакиллари ва Тожикистон расмийлари франциялик ҳарбийлар ва Душанбе шаҳридаги маҳаллий ресторан ходимлари ўртасида рўй берган муштлашув юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.

Хабарларга кўра, шанба куни пойтахтдаги "Аргили" ресторанида франциялик уч ҳарбий ва ресторан ходимлари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакилининг айтишича, франциялик ҳарбийлар овқат пулини тўламай ресторандан кетишга уринган. Бироқ ресторан ходими уларни тўхтатишга уринганда, ҳарбийлар ходимни дўппослаган.

Тожикистондаги Франция элчихонасининг ҳарбий масалалар бўйича атташеси эса ресторан ходимларини ҳарбийлар билан муштлашув бошлаганликда айблади.