Анқара Ереван билан муносабат ўрнатмоқда

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Давлатўғли Анқара ва Ереван ўзаро алоқаларни нормаллаштиришни назарда тутган “узоқ муддатли жараён” бўсағасида турганини маълум қилди.

Душанба куни Туркия ва Арманистон келаси олти ҳафта ичида ўзаро дипломатик алоқаларни йўлга қўйишга оид шартнома имзолашга умид қилаётганини билдирди.

Туркия билан Арманистон ўртасида дипломатик алоқалар шу пайтгача ўрнатилган эмас. Арманистон бир ярим миллион армани Усмонли империяси даврида геноцид қурбони бўлганини таъкидласа, Туркия томони бу даъвони рад этиб келмоқда. Шунингдек, 1993 йилда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғ устидан бошланган урушдан сўнг Туркия Арманистон билан чегараларини ёпиб қўйган эди.

Айни пайтда Аҳмад Давлатўғли Арманистон билан алоқаларнинг яхшиланиши Туркия-Озарбайжон муносабатларига таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди.