Карзай ҳамон олдинда

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси 20 август куни ўтказилган президент сайловида берилган овозларнинг 75 фоизи санаб бўлинганини маълум қилди.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган сайлов комиссияси вакили Доуд Али Нажафий 4.3 миллион овоз қонуний деб тан олинганини билдирди.

Амалдаги президент Ҳамид Карзай 2.08 миллион ёки сайловчиларнинг 48.6 фоиз овозини қўлга киритган. Унинг асосий рақиби собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса 1.36 миллион ёки 31.7 фоиз овоз тўплаган.

Айни пайтда Нажафийнинг айтишича, қайд этилган қонунбузарчилик туфайли 447та сайлов участкасидан келган овозлар бекор қилинган.

Афғонистонда сайловлардаги қонунбузарликларни текшириш бўйича махсус комиссия эса сайловдаги қонунбузарликлар юзасидан икки мингдан зиёд шикоят аризаси олганини эълон қилди.