Карзай сайловда ҳамон олдинда бормоқда

Афғонистоннинг амалдаги президенти Ҳамид Карзай президентлик сайловида берилган овозларнинг 48.6 фоизини қўлга киритиб, пойгада олдинда бормоқда. Бу ҳақда Афғонистон мустақил сайлов комиссияси маълум қилди.

Комиссиянинг билдиришича, Афғонистонда 20 август куни ўтказилган президентлик сайловида берилган овозларнинг 75 фоизи санаб бўлинган. Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган сайлов комиссияси вакили Доуд Али Нажафийга кўра, 4.3 миллион овоз қонуний деб тан олинган. Шулардан 2.08 миллионини Карзай, 1.36 миллионини эса собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ қозонган.

Айни пайтда қайд этилган қонунбузарликлар туфайли 447 та сайлов участкасида берилган овозлар бекор қилинган. Афғонистон сайловларидаги қонунбузарликларни текшириш бўйича махсус комиссия эса сайловдаги қонунбузарликлар юзасидан 2000дан зиёд шикоят аризаси олинганини эълон қилди.