Қундуз ҳужуми тафтиш этилмоқда

Афғонистондаги коалиция кучлари мамлакат шимолида ҳаво зарбалари беришга буйруқ НАТО нормаларига зид тарзда бўлгани ҳақдаги хабарларни рад этди.

Халқаро кучлар вакили, генерал Эрик Тремблейнинг билдиришича, НАТО мутахассислари жума куни бомбардимон қилинган Қундуз вилоятида текширув ишларини олиб бормоқда, аммо ҳозирча текширув натижалари борасида улардан ҳеч қанақа маълумот йўқ.

Қундуз вилояти ҳокими Муҳаммад Умар якшанба куни Франс пресс мухбири билан суҳбатда жума кунги ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакилларидан олти одам, жумладан бир гўдак ҳалока бўлганини билдирди. Умарнинг айтишича, ҳалок бўлган қолган 48 одам қуролли жангарилар бўлган.

Маълум бўлишича, ёнилғи маҳсулотлари юкланган икки цистернани толибон жангарилари ўғирлагани аниқлангандан сўнг ҳаводан зарба берилган. Аввалроқ, Қундуз вилоятида берилган ҳаво зарбаларида 90дан зиёд киши нобуд бўлгани хабар қилинган эди.

Айни пайтда¸ НАТО вакилларининг билдиришича¸ Афғонистон жанубида рўй берган портлашдан бир америкалик аскар ҳалок бўлди. Ходисанинг бошқа тафсилотлари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Шунингдек, якшанба куни Афғонистонда толиблар билан отишма пайти яраланган ҳолландиялик аскар ҳам ҳаётдан кўз юмди.

Август ойи Афғонистонда 2001 йилги ҳарбий амалиётлар бошланганидан буён энг талофотли ой бўлди. Ушбу ойда Америка кучлари Афғонистонда 51 нафар аскарини йўқотди.