Эрон таклифи қизғин баҳсга сабаб бўлмоқда

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эроннинг ўз ядровий дастурига оид таклифлари пухта ўрганилиши лозимлигини таъкидлаб, етакчи давлатларни Эрон таклифига якдил фикр билдиришга чақирди.

Сергей Лавров, шунингдек, Россия Эронга нисбатан санкциялар қўллашга қарши эканини яна бир бор такрорлади.

Айни пайтда жаҳоннинг етакчи давлатлари Эрон таклифини муҳокама этишга тараддуд кўрмоқда. АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия дипломатлари Теҳрон ядровий дастури юзасидан бугун давра суҳбати ўтказади.

АҚШ Давлат департаменти матуот вакили Филип Кровли эса расмий Вашингтон Эрон таклифларидан қониқиш ҳосил қилмаганини баён қилди.

- Эрон таклифи бизнинг асосий ташвишимиз, яъни ядровий дастур борасидаги саволларимизга ойдинлик киритмаган. Ҳозирда биз БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий беш аъзоси ва Германия вакиллари билан маслаҳатлашув олиб бормоқдамиз, деди Филип Кровли.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ёрдамчиларидан бири “The Washington Post” нашрига берган интервьюсида Теҳрон таклифларида жаҳон бўйлаб ядровий қуроллар тарқалиши олдини олиш ва бу қуролларни йўқ қилиш борасида халқаро тизим ташкил этиш чақириғи борлигини билдирди.

Бироқ Эрон расмийси журналистларнинг “таклифда уранни тўйинтириш ишлари тўхтатилиши инобатга олинганми”, деган саволларига жавоб қайтаришдан бош тортди.