Карзай толибларни тинчликка чорлади

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Ийдул-Фитр муносабати билан тинчлик рамзи сифатида Толибон жангариларига зайтун новдасини таклиф қилди.

Ҳамид Карзай барча жангариларни ўз ватанини вайрон қилиш, ўз халқини ўлдириш ва қуролли курашишни тўхтатишга чақирди.

- Жангарилар ўз уйларига қайтиб, тинчликда яшашлари лозим. Агар президент сайловидаги ғалабам тасдиқланса, Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари бошлаш ташаббуси билан чиқаман, дея қўшимча қилди Афғонистон раҳбари ўз мурожаатида.

Ҳамид Карзайнинг ушбу мурожаатидан бир оз аввал Толибон ҳаракати етакчиси мулла Умар баёноти эълон қилинди. Ушбу баёнотда Толибон етакчиси Афғонистондаги халқаро кучларни тез орада мағлуб этилиши хусусида огоҳлантирди.

Айни пайтда АҚШ ва НАТО қўмондонлиги мулла Умарнинг мазкур баёнотига муносабат билдиришдан бош тортди.

Айни пайтда Толибон ҳаракати матбуот вакили Қори Юсуфнинг исломий сайтлардан бирига жойлаштирилган ушбу баёнот ҳаракат етакчиси мулла Умарга тегишли эканини тасдиқлагани хабар қилинмоқда.