Франция полицияси қочқинлар лагерида рейд ўтказди

Франция полицияси Кале шаҳри яқинида қочқинлар томонидан барпо қилинган лагерни бузишга киришди.

Расмийларга кўра, брезент ва картон ёрдамида қурилган лагерда 200 зиёд афғонистонлик қочқин, асосан ёш болалар ва эркаклар истиқомат қилган.

Хабарларга кўра, полиция ҳаракатларига тўсқинлик қилишга уринган ҳуқуқ фаоллари ва полиция ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққан ва бир нечта ҳуқуқ фаоли ҳибсга олинган.

Кале шаҳар полиция бошқармаси раҳбари Пьер Дебускуе ҳибсга олинган қочқинларнинг расмийлар томонидан сўроққа тутилишини маълум қилди.

- Ёши катта шахсларни изоляторга жойлаштирдик ва эндиликда ҳар бирининг шахсий маълумотини ўрганиб чиқамиз. Яшаш ҳуқуқига эга шахслар озод этилади ва улар турар жой билан таъминланади, деди полиция бошқармаси раҳбари.

Айни пайтда Франция расмийларига кўра, яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган мигрантлар бошпана сўраб ариза топширишлари ёки ўз ватанига қайтиб кетиши учун Франция ҳукуматидан ёрдам сўрашлари мумкин.

Сўнгги йиллар давомида Кале яқинидаги лагерда истиқомат қилган мингдан зиёд қочқин ноқонуний тарзда Буюк Британияга ўтишга уринган. Бундан ташқари ушбу лагернинг жиноятчилик ва юқумли касалликлар ўчоғига айлангани айтилади.